Kislorod


Гео и язык канала: не указан, не указан
Категория: не указана


– Китоблар
– Кузатувлар
– Хулосалар
– Кучли аёллар тарихи
– Ҳаётдан завқланиш ҳақида гаплашамиз...

Связанные каналы

Гео и язык канала
не указан, не указан
Категория
не указана
Статистика
Фильтр публикаций


Ҳадди аълосидан ошган сабр, ҳозирги ҳаминқадар шароитингга кўникиш бориб-бориб дангасаликка, танбалликка эврилади.

Сабр – гўзал хислат. Ҳатто, либос қилиб кийса арзийди.

Лекин сабрнинг чегараси қаергача чўзилганини белгилаб олиш муҳим.

Туби чуқур сабрдан кўра қўзғалиш, нимагадир талпиниш, олдинга юриш афзал.

– Майли, ҳаракатинг нолга тенг бўлса ҳам;
– Бугун толесизлик пешонангга тақ этиб урса ҳам;
– Йўлингда сен кутмаган ўра-чуқурлар лопиллаб чиқаверса ҳам;
– Сени тушунмай, калака-мазах қилсалар ҳам ҳаракатда бўл!
Сабр деб мум тишлама, кўлмак сувдек туриб қолма!

Сабрнинг меъёрида бўлгани манфаатли! Қолгани дангасаларнинг, ишёқмасларнинг баҳонаси.

@chnizomiddinova


Бугун бир опа билан гаплашдим. Бундан ўн беш йил аввал келажаги порлоқ журналист бўлиб, ҳозирги интернет нашрларининг ўн беш йил олдинги ходимидек ишлаган. Тезликда 4G ни ортда қолдирганмиз, деб ҳазиллашади.

Аммо... опа кутмаган воқеалар бутун ҳаётини, орзуларга тўла дунёсини чил-чил синдириб, тупроққа кўмиб, бошига тушигаям кирмаган азобни солган, солаверган. Ҳозиргачаям оғриғи пасаймаган, изи ўчмаган.

Юрти сиғдирмагач, Россия, Тожикистон, Туркия, Қозоғистонда яшаш-ишлаш-дарбадар бўлиш, ниҳоят ортига қайтгач, яна хор-зорлик, ўнлаб ишхоналарнинг қарс-қурс ёпилган эшиклари, кутиш, номи калон, шаҳри вайрон остоналардан ноумид қайтиб кетиш... бир аёлнинг елкаларини эзиб-эзғилаб ташлайди.

Лекин опа синмабди. Ҳаётга муҳаббати кўпайса кўпайганки, камаймаган. "Шунча кечмишингизни ёзинг! Авлодлар билсин! Ахир, биз Сиз кўрганларнинг томчисини ҳам кўрмаганмиз!" десам, синиқ жилмаяди. "Керакмикан шу?" деб хижолат бўлади.

Эҳ, ўзбек аёлининг шўри қўрсин...
Тили бурросининг тили чопилса;
Қишлоқда яшаётганининг кўргани таппи, кетмон, тандир-ўчоқ бўлса;
Хорижга иш излаб жўнагани мажбурликдан, боши берк кўчага кирганидан не-не маломатларга чидаса;
Ҳаётда адолат-ҳақиқат бор дегани сургун-дарбадар қилинса... эҳ, бошингни олиб қайларгадир кетгиларинг келадию, чидайсан.

Сени сабр деб туққанлар. Чида, сабр қил!

@chnizomiddinova




​​Метрода ҳар куни юрганимгами, қандайдир носозлик бўлса, юрагим шиғиллаб кетади (айниқса, ер усти метросида кетаётганимда серваҳима фобиям уйғонади). Қулаб тушмасмикан ёки бузилиб қолса-я деб...

Янги кўчган уйимда ёки қўшниларимнинг уйида қандайдир муаммо (техник, электр, газ, сув билан боғлиқ) пайдо бўлса, ичим шувиллайди. Эй, Худо! Устанинг чала-чулпа иши сабаб бутун уй жабр кўрмасин деб...

Яп-янги лифт бузилса, яқинда қопланган асфальт қўпорилса, кеча ўрнатилган светофор ағанаб тушса, икки ой аввал қурилган кўприк дарз кетса, бошимни олиб, қайларгадир кетгиларим келади.

Лекин афсус, қўлим боғлиқ, оёғим тош шаҳардан узилолмайди.

Коррупция, сиздан угина, биздан бугина "қоида"си шу қадар қонимизга сингганидан, одам Ўзбекистонда яшашга ҳам қўрқиб қоларкан. Чунки ҳозир, мана, кўчада бехавотир, бемалол кетаётганингизда, яп-янги қурилган, эгаларига топширилган бино ерпарчин бўлмаслигига ҳеч ким кафил эмас. Ҳеч ким!

Авваллари ҳафсалам ўлди, дейишса, гап мағзини чақолмас эканман. Мениям ҳафсалам ўляпти. Ў-ў-ў-ляпти-и-и.

@chnizomiddinova


Репост из: Mikrofon ko‘targan ayol
UPD:Танишинг, Гарвард университетининг 450 минг АҚШ долларига тенг 5 йиллик грантини ютиб олган Азиза Изамова. 24 ёшда.

2017-2021 йилларда Германиянинг Бард коллежида таҳсил олган Азиза Изамова бутун дунё илм толибларининг орзуси бўлган АҚШнинг Гарвард университетида докторантура (PhD)- Harvard University Department of History of Art and Architecture га тўлиқ грант ютиб олибди! 5 йиллик гранти умумий суммаси деярли 450 минг АҚШ доллари! Илмий тадқиқот ишининг харажатларига кўра грант миқдори яна ўзгариши мумкин.

Азиза 2021 йил ёздан бошлаб Гарвардда таҳсилни бошлайди. Унинг Linkedinида инглиз, немис, польяк, француз ва рус тилларини билиши қайд этилган.

Азиза Изамова Тошкентдаги Вестминистер халқаро университети қошидаги академик лицейни аъло баҳолар билан тамомлаган.

Ўзбек қизларининг IQ, EQ cи баланд эканига яна бир исбот бу. Ҳам чиройли, ҳам ақлли, санъат, эстетика, математикага қизиқадиган қизлар орзу бўлса керак ҳаммага. Ватандош қизларнинг халқаро даражадаги ютуқларини эшитсам, чин дилдан қувонаман, фахрланиб кетаман. Яна исмининг Азизалигини айтмайсизми))
Муборак бўлсин! Ватан фахрланадиган олима қиз бўлсин!


​​Стефан Цвейг асарларини алоҳида тадорик ва айрича муҳаббат билан ўқийман. Тасвирланмиш воқеалар чизиғи шу қадар аниқ, қаҳрамонлари фожиаси, кечмиши, тақдири шунчалик яқинки, узоқ вақт, ҳатто мана, ҳозир ҳам улар билан бирга яшаётган, нафас олаётгандекман.

Цвейг ҳар бир асарини ичи ситилиб, юраги қонаб ёзгандек (бунга нацистлар режими, юртингдан айро яшаш, қавмдошларингнинг кўз ўнгингда тинимсиз қириб-ўлдирилиши сабабдир). "Куйган кўнгил фарёди", "Номаълум аёл мактуби", "Мария Стюарт", "Бир аёл ҳаётидан 24 соат", "Шахмат новелласи" ва деярли барча роману ҳикояларида инсон дарди, кўнгил масаласи сира бўяб-бежалмай, бор ҳолича, гоҳи шир яланғоч бўлиб ўртага чиқади.

Яқинда ўқиганим "Қалб бесабрлиги" ҳам худди шундай. Бир умр ногирон-мажруҳ бўлиб қолишга маҳкум, ҳали ўн саккизниям тўлдирмаган Эдитнинг ёш, эндигина 25 га кирган лейтенант Гофмиллерга ошкора муҳаббати, етилган аёлга хос эҳтироси, жавобсиз севгисига умри билан бадал тўлаши ва йигитчанинг йиллар ўтгани сари виждон азобидан қоврилиши – бари табиий, ҳаққоний.

Цвейгни ўқиганим сари, адабиёт учун шаклбозлик, услуббозлик ортиқча экани, истеъдодсизлигинг, вайсақилигингни турфа "изм"ларга яшириш керакмаслигини тушунаман. Инсон дарди – энг катта мавзу. Шугинани маромига етказиб ўқувчига тутқазсанг бўлди. Қолгани китобхонга тан.

@chnizomiddinova


​​"Тафаккур" журналида қизиқ маълумот учраб қолди. Ёзувчи Шароф Бошбеков ўқувчига китоблар тавсия этиш чоғи тиббиёт фанлари доктори, академик, юзлаб тиббий китоблар муаллифи Иван Неумивакиннинг "Перекись водород" номли асарини санаб ўтибди.

Мени ажаблантиргани, перекись водород онкологик касалликларнинг давоси (!) экан.

Биз нафас олаётган ҳавода атиги 21 фоиз кислород, 64 фоиз азот ва бошқа инерт газлар борлигини ҳисобга олсак, яна шаҳарнинг дим, ифлос ҳавоси кислородга бўлган талабни оширса оширадики, асло камайтирмайди. Одам организмига кислород етарли миқдорда кирмаса, тақчиллик кузатилса, аста-секин чириш-ириш жараёнлари бошланиб, саркома, саратон ва ўлим тугайдиган бошқа ўсмалар пайдо бўлар экан.

Менделеевнинг кимёвий элементлар жадвалида сув Н2О билан белгиланган. Перекись водородники эса Н2О2. Демак, перекисда сувга нисбатан бир атом кислород кўп. Ўша бир атом кислород бутун медицина оламини ағдар-тўнтар қилиб ташлади.

Аммо перекись водородни инсон танасига киритиш, бедаво хасталикларга чек қўйишга тўсиқ бўлгувчи сабаблар кўп. Буни сиёсат олами, иқтисод, фойда-даромад, фармацевтика дунёсидаги "ўйин"ларга бемалол улаш мумкин.

@chnizomiddinova


​​Энг ёмон кўрган саволим

– Ойлигингиз қанча?
– Анча...
– Тахминан?
– Анча дедим-ку!
– Бирор миллион борми?
– Ҳм...
– 5–6 миллионми?
– Йўқ!
– Ҳа, унда кам экан.
– Шундай. Кам...

Фаросатсизларча берилган бундай саволни эшитсам, томоғимга нимадир тиқилади. Бировнинг чўнтагига тушадиган даромад шунчалар қизиқми?! Бундай тоифани ҳеч тушунолмай ўтсам керак. Яхшиси, салом-аликдан нарига ўтмаслик керак экан.

@chnizomiddinova


​​#мутолаа

Уч кун тинимсиз, ҳар сатридан кўз узмай ўқиганинг хаёлингда талотумлар бошласа, уйқунгни қочириб, ҳаловатингни ўғирласа – мана шуни мутолаа лаззати дейишса, керак!

Рус ёзувчи ва публицисти Игор Буничнинг машҳур, шу чоққача уч марта нашр этилган "Партиянинг олтинлари" китобини ўқиш асноси бор-йўғи юз йил (!) олдинги Туркистон, Россия ҳақидаги тасаввурларим бошқа ўзанга бурилди. Иккинчи жаҳон урушидан аввалги ва кейинги қатлиомлар, қатағонлар ичида ўзим ҳам йўқолиб-йитиб кетгудек бўлдим.

Биз ўқиган тарих дарсликларида умумий маълумотлар келтирилгану, бу қадар очиқ далиллар, факту хулосалар ёзилмаганди. Эҳтимол, шу учундир ўтган аср кечмишлари ҳақида тузук-қуруқ билмасмиз. Аждодларимиз фожиасини эшитганда юрагимиз жиз этмаслиги ҳам балки шундандир... яна ким билсин!

Китобда тагига чизиб ўқиладиган сатрлар талай. Улардан айримини Сизга илиндим:

– Ўрнак бўладиган даражада шафқатсиз бўлинг! – деб таълим беради Ильич. – Ҳеч кимдан сўраб ўтирмай, аҳмоқона дахмазаларга йўл қўймай, отиб ташлансин!

– 1917 йилнинг октябрида Ленин томонидан тузилган жаҳондаги ишчи ва деҳқонларнинг биринчи социалистик давлати аслида, ўз моҳиятига кўра, Германияга қарам бўлган ва Германия кунпаякун бўлгунича, яъни 1918 йилнинг ноябрига қадар қарамлигича қолган эди.

– Агар маблағ етарли даражада катта бўлса, унинг ёрдамида жаҳонга ўзи истаган мафкурани қабул қилдириш мумкин.

– Ленин ўлгандан кейин жасадини ёриб кўрган врачлар миясининг ярми туғилганидан бери ишламаганини кўриб лол қолишди. Иккинчи ярми ҳам оҳаксимон тузилмалар билан қопланган бўлиб, шу аҳволда эканки, жаҳон пролетариатининг доҳийси қандай қилиб тирик юрганини мутлақо тушуниб бўлмасди. У болалигидаёқ ўлиб кетиши керак экан. Врачлар бунақа мия билан инсон яшаши мумкин эмас, деган тўхтамга келишади. Шундай экан, Ленин бўлганмиди – йўқми?

@chnizomiddinova


​​#таржима #нутқ

Урушми ёки тинчлик?
Тинчликнинг йўли – бу ҳақиқат йўли. Ростгўйлик ҳатто тинчликдан-да муҳим. Алдов, ёлғон эса зўравонликнинг онасидир. Ростгўй инсон узоқ вақт зулмкор бўлолмайди. Бошидан ўтказганлари кўмагида золимликка зарурат йўқлигини англаб етади. Бора-бора ўзида зўравонликнинг зарра изини пайқаса, излаётган ҳақиқатини тополмаслигини фаҳмлайди.

Бир тарафдан ҳақиқат ва куч ишлатмаслик, ёлғон ва зулм ўртасида қилча жой йўқдек туюлади. Ўй-фикримиз, сўзимизу амалимиздан золимлик изини қуритмасканмиз, ҳеч қачон кучли бўла олмаймиз. Куч ишлатмасликни ягона мақсадимиздек асрашимиз ва унга томон муттасил интилишимиз шарт.

Озодликка эришиш – хоҳ башар учун, хоҳ миллат ёки бутун дунё учун бўлсин – куч ишлатмаслик ҳаракатига ўта мутаносиб бўлмоғи керак. Кимки куч ишлатмасликни эркинликка эришишда ягона йўл деб ишонса, уни айни дамдаги зимистон қучоғида пориллаб турган машъаладек асрайди. Саноқли кишининг ҳақиқати доим инобатга олинади, миллонларнинг ёлғони эса эпкинга ҳам дош беролмай, мисоли сомондек тўзғиб кетади.
“Ёш Ҳиндистон” 1926 йил 20 май

@chnizomiddinova


​​Бир ишни бошласам, атрофдагилардан кўпинча негатив фикр, "Қўйсанг-чи, бошқа ишни қила қол!", "Эплармикансан..." деганга ўхшаш гапларни истар-истамас эшитаман... ва алал-оқибат ёниб, алангаланиб турган ният-режаларимга кул тортилиб, минг уринмай қўлим ўша ишга бормайди. Ҳафсалам ўлади, кўнглим совийди...
Балки кимнингдир ишончсизлиги, бир оғиз иштибоҳига эргашиб, режаларни чала-ярим қолдириш ёки умуман четга суриш заифлик белгиси дерсиз. Лекин хоҳлайманми-йўқми баъзи фикрларнинг танлов-қароримда ўрни катта.

Кунларнинг бирида маълуму машҳур масал: қурбақа (баъзи манбаларда сутга тушган сичқон)ларнинг мусобақалашиб, улкан минорага кўтарилиши воқеаси хаёлимдан шомгача кетмади. Шунда кар қурбақанинг шерикларини ортда қолдириб, минора чўққисига эсон-омон кўтарилгани, пастдагиларнинг "Ҳозир йиқиласан!", "Оёғинг синади", "Қўлингдан келадиганини қилсанг-чи!", "Сенга ким қўйибди?!" деган "жўяли" панд-насиҳатларидан бехабар (чунки у кар) мақсадига эришгани кўзимни очди.

Демак, ҳаётда нимагадир эришмоқчимисан, атрофдагиларнинг бемаъни, сени йўлдан қайтарадиган, шаштингни сўндириб, кўзингдаги учқунни пуф этиб ўчирадиган гапларига асло қулоқ солма! Интилавер, юравер (истасанг, югур), кўнглинг буюрганини, ақлинг кўрсатганини қилавер. Бир кун мақсадингга етасан!

@chnizomiddinova


​​Мумтоз бадиий образлар кўп қаватли, яъни чуқурроқ ўйлаганингиз сари янги-янги маънолар касб этувчи бўлади. Рассом Рембрандтнинг "Гумроҳ ўғилнинг қайтиши" деган асарини биласиз, албатта. Тағин бир эсланг...
Бир қарашда, бу – шахсий тақдир: уйдан қочган бола экан, эсини йиғиб олгач, отасининг олдига қайтиб келибди, ўз уйим – ўлан тўшагим-да, дейсиз.
Яна бир ўйлаб қарасангиз, жами инсон болаларининг қисмати шундай: ёшлигида кўп уринади, адашади, хатолар қилади, тавбасига таянади, қуйилади, "ота айланиб, қозиғини топади"да, тинчийди.
Яна чуқурроқ ўйлаб кўрсангиз, бу – халқлар тақдирига ҳам хос. Мана, биз. Инқилоблар қилдик, қонлар тўкдик, кишилик қонунларини буздик, шариатга қарши бордик. Пешонамиз тақ этиб деворга текканда жон тинчлиги – иймон эсимизга тушди.

©️ Асқад Мухтор


@chnizomiddinova


​​Сакити Тоёданинг 5 та "Нима учун?" қоидаси

Дунёга машҳур Toyota компанияси асосчиларидан бири Сакити Тоёда қандайдир муаммо ёки танлов қаршисида иккиланиб қолса, қарор қабул қилишга қийналса, ҳамиша "Нима учун?" қоидасидан фойдаланган.

Бу жуда жўн ва самарали метод. Масалан, сиз иссиққина, юнги силлиқ, ҳашамдор пўстин сотиб олмоқчисиз.
Шунда ўзингиздан сўрайсиз: нима учун пўстин олгим келяпти? Бу биринчи "нима учун" бўлади.
Жавоб: чунки ҳаммани ҳайратда қолдиргим келяпти.

Жуда соз, энди: нега ҳаммани лол қолдиргинг келяпти?
Жавоб: фақат менга эътибор беришсин.

Нима учун барчанинг диққат-эътибори сенга қаратилиши керак?
Жавоб: Чунки ўзимга ишончим пастроқ...

Нима учун ўзингга унча ишонмайсан?
Жавоб: чунки бир ерда депсиниб тураверганим учун атрофимдагилар билан мулоқотга кириша олмайман.

Нега киришимли эмассан, деб бешинчи "нима учун" берилса, жавоб қуйидагича янграган: негаки, мен ҳар доим ўзимга ёқмаган иш билан шуғулланаман. Худди шу ерга келганда "Хўш, нега менга пўстин керак?" деб сўранг энди. Пўстин бошқа ёқда қолиб, бўлак муаммонинг манбаси топилади.

Сакити Тоёда узоқ йиллар ходимлар, мижозлар билан ишлаб, бир қараганда кўзга ташланмайдиган бошоғриқ, муаммолар илдизи "Беш сабаб" орқали юзага қалқишини аниқлайди. Бу қоида одамнинг ич-ичига сингиб кетган асрору истакларини ташқарига улоқтиради. "Беш сабаб" аслида сизнинг ҳақиқий қиёфангиз, ички оламингиз.

Бу ўзингизни таҳлил этиш, бир сидра янгиланиб олиш учун фойдали усулдир. Бирор муаммога дуч келдингизми, ниманидир ошкор этиш керакми ёки қандайдир орзу-истаклар ҳоли-жонингизга қўймаятими – беш марта "нима учун" деб қайта-қайта сўранг. Шунда сиз кутмаган жавоблар беихтиёр тилга кўчади.

@chnizomiddinova


​​#тавсия

Китобни қандай ўқиш керак?

1940 йили америкалик файласуф ва педагог Мортимер Адлер "Китобни қандай ўқиш керак?" дея савол қўйиб, шу номдаги китобини ёзади. Орадан саксон йилча вақт ўтиб, қанчадан қанча қўлланмалар, йўриқномаю тавсиялар чоп этилганига қарамай ҳали ҳам бу китоб довруғини, аҳамиятини, ўрнини йўқотган эмас. Аҳли китобхон учун бундай савол ҳар доим кўндаланг туришини ҳисобга олиб, М.Адлернинг айрим тавсияларини келтирмоқчиман. 

Китобни қандай ўқиш кераклиги бўйича ҳар кимнинг танлови, диди, фикри турфа ва ўзига хос, аммо буни ҳам билиб қўйиш асло зарар қилмайди...

 Адлернинг фикрича, ўқишнинг 4 тури мавжуд:

1️⃣ Бошланғич ўқиш
Бу бизнинг бошланғич мактабларимизда ўқитиладиган ўқиш даражаси. Агар сиз ушбу матнни ўқиётган бўлсангиз, буни қандай қилиш кераклигини аллақачон биласиз.

2️⃣ Текшириб ўқиш
Бизга азалдан бирровга кўз югуртириш ва юзаки ўқишни ёмон одат деб ўргатишган. Лекин ҳар доим ҳам ундай эмас. Ушбу воситалардан самарали фойдаланиш тушунишни кучайтириши мумкин. Текширув орқали ўқиш бизга муаллифнинг режасини кўриб чиқиш ва чуқур ўқиш тажрибасининг моҳиятини баҳолашга имкон беради.

3️⃣ Таҳлил қилиб ўқиш
Бир пайтлар Френсис Бекон "Баъзи китобларни татиб кўриш керак, бошқаларини ютиб юбориш керак, баъзиларини чайнаш ва ҳазм қилиш керак" деб таъкидлаганди. 
Таҳлилий ўқиш - бу пухта ўқиш.

4️⃣ Қиёслаб-чоғиштириб, батафсил таққослаб ўқиш
Бу энг қийин ўқишдир. Қиёслаб-чоғиштириб ўқиш бир хил мавзудаги кўплаб китобларни ўқишни ва фикрларни таққослаб, қарама-қаршиларини синчиклаб кузатишни англатади.

Хўш, бундай ўқиш китобхонга қанчалик ёрдам беради? Китоб ўқиш қоидасига риоя этиш шунчалик муҳимми? Мутолаа дегани китоб варақлашдан нечоғлик фарқ қилади? Келинг, айрим босқчиларни кўриб чиқамиз... 

– Ўқишнинг текшириб ўқиш босқичида китоб сарлавҳасини ўқинг, авра-астарини, орқа-олдини текширинг; 

– Китобнинг биринчи саҳифасини диққат билан кўздан кечиринг;

– Бадиий адабиётларга дуч келганда сарлавҳаларни назардан ўтказиб (худди сканердек), якуний бобни синчиклаб ўқинг;

– Китобдаги айрим шарҳларни эринмай ўқиб чиқинг.

– Таҳлил қилиб ўқишда энг аввал муаллиф ва у ёзган бошқа асарлар билан андак қизиқиб кўринг;

– Сўнг бирров кўз югуртириб, сатрлардаги маънони илғаб олинг;

– Учинчи қиладиган ишингиз – китобни тўлиғича, аммо тезроқ ўқиб тугатиш;

– Мабодо бирор сўз, жумла ёки фикрга тушунмасангиз, қандайдир маълумот англашилмай қолса, дарров атрофдан нажот изланг. У хоҳ луғат, энциклопедия бўлсин, хоҳ муаллимингиз.

Шундан сўнг, қуйидаги саволларга имкон борича жавоб бериб кўринг:

а) қўлимдаги китоб ўзи нима ҳақида?
б) воқеалар ривожи нимага ишора қилмоқда?
с) асар ҳақиқатга яқинми: бутуничами ёки қисман?
д) бу аслида нима, аҳамияти қандай? Менга нима беради?

Асарни тугатгач, андак танқидий фикрлаб, ўйлаганларингизни бошқалар билан баҳам кўринг! Ишонаверинг, фойдасини сезасиз.

Ниҳоят, талабчан китобхон даражасига етганингизда ўқиш – бу саволларни тўғри тартибда бериш ва уларга жавоб қидириш билан ниҳояланади. 

Дарвоқе, яна ўқиш пайти турфа қайдлар ёзиш, муддат ва белгилар қўйиб ўқиш, қўлингиздан келса, шапалоқдек тақризча ёзиб, бир четга олиб қўйиш, иқтидорингиз бўлса, суврат-пуврат чизиб қўйиш ҳам зиён қилмайди. Бари сизнинг фойдангизга ишлайди...

Ҳамиша дунёқарашингизни ўстирадиган, руҳингизни тозартирадиган, фикрингизни чархлайдиган китобларни ўқинг! Ҳар доим!


​​#асардан_парча

Менинг югургилаб, шўнғиб, типирчилаб, ўзини ўтга-чўққа уриб, доим нимадандир ташвишланиб, қовоғини солиб, хавотирланиб юрадиган, атрофимдан айланиб ўтиб бораётган одамлар тўдаси жонимга тегиб кетди. Уларнинг туганмас ғам-ҳасратларининг кимга кераги бор; уларнинг интиҳосиз аламлари, ёмонликлари, қаҳр-ғазаблари-чи? Олдиларида ҳаётнинг олтмиш йили туриб, яна яшашни билмасалар ва бахтсиз бўлсалар, бунга ким айбдор?

©️ Ф.М. Достоевский
"Телба" романи. Ипполит нутқи.


​​#латифа

Чироқдаги жин
Бир киши Калифорния қирғоқларида сайр этаркан, ногаҳон оёқ остида ётган кўҳна чироққа қоқилиб кетди. Чироқни қўлига олиб, ишқаб кўрганди, ичидан гулдураб жин чиқиб келди.
– Тиланг тилагингизни. Хизматингизга тайёрман! Аҳ, аҳ... а-пчу-у-у... Шу ой ичи уч марта чиқибман-а. Сиз тўртинчисисиз. Одамларнинг ҳакалак отган нафсини кўриб, сал мазам қочиб қолди. Шунга фақат битта тилак тилашингиз мумкин. Фақат бир тилак!
Бояги киши андак ўйланиб турди-да:
– Ҳаитига бориш бутун умрлик орзуим. Лекин самолётда учишдан қўрқаман, камига денгиз касалим ҳам бор. Жинвой, сен менга Ҳаитига элтувчи кўприк қуриб беролмайсанми? Уловимда ғизиллаб етиб олардим...
Йўловчининг анойилигидан жин мириқиб кулди, сўнг:
– Бунинг иложи йўқ! Мантиқан ўйлаб кўринг! Тинч океанининг қанчадан-қанча чуқур жойлари бор, улардан ўтишнинг ўзи бўладими?! Аниқроқ, реалроқ тилакларни ўйланг! Йўқ, бошқасини айтинг!
Йўловчи энди жиддий ўйлашга тутинди. Ўйлаб-ўйлаб, ахийри мақсадга ўтди:
– Жинвой, мен тўрт марта оила қуриб, тўрталаси билан ҳам ажрашганман. Хотинларимнинг ҳаммаси бепарволигим, уларга етарли ғамхўрлик қилолмаслигимдан арз қилишарди. Хоҳлардимки, аёл зотини тушунсам... уларнинг ичида нима пинҳон экани, неларни ўйлаётгани, сукутида нималар яширингани, йиғлаётганида нимани истаётгани, “йўқ” деган каломининг замирида аслида не борлигини... хуллас, уларнинг дилида қўпган сўзларини англасам, кўзларига тикилиб, кўнглидагини топсам, уларни бахтиёр этсам дейман...
– Кечирасиз хожам, – шоша-пиша қаршисидаги кишининг сўзини бўлди жин. – Сиз хоҳлаган кўприк икки йўлли бўлсинми ёки тўрт?

Инглизчадан Ч.Н таржимаси.


​​#интервью

Ҳали карантин бошланмаган, одамлар кўча-кўйда бемалол, баҳузур юрган пайтлар эди (маскани-ку фақат грипп бўлганлар тақаётганди))). Кунларнинг бирида ўзбекистонлик Азиза Шоназарованинг умрбод профессор бўлгани хабари келди. Байрам бошланиб кетди-ку!

Кейин Азиза опа ҳам байрамни бирга нишонлашга атайин Ўзбекистонга келди. Қатордан қолмайлик деб "Ёш куч" журналидаги фотограф, масъул котиб билан Шарқшунослик университетига бордик. Суҳбатни сал аввалроқ тайёрлаб қўйганим учун фақат расмга тушиш қилдик. Азиза опанинг самимийлиги, бир кўрган кишиси билан ҳам қадрдонлардек суҳбатлашишини кўриб, Амриқога кетгиларим келганди ўшанда. Эҳ...

Суҳбатни сизга ҳам илиндим... 👇

https://telegra.ph/Biz-falonchining-bolalari-bўlmaganmiz-09-07


​​#иқтибос

Агар сен мақсад сари интилаётган бўлсангу, йўлда сенга акиллаётган ҳар бир итга тош отиш учун тўхтайверсанг, ҳеч қачон мақсадингга ета олмайсан.

©️ Ф.М. Достоевский


​​"Биласанми, одамга иккита каа-аатта юрак керак бу ерда ишлаш учун. Бири оиласи учун, иккинчиси шу ердаги болалар учун..."
Ногиронлар уйи раҳбарининг айтганлари


Иккинчи ё учинчи курс эдик. Ўқишимизга яқин жойдаги ногирон болалар уйига бордик. Тиббиёт фани ўқитувчиларимиз атайин шу манзилни танлаб, эртага оила қураётганимизда бугунги кўрганларимиздан сабоқ олишимизни исташарди.

Бир-биридан ширин, кўзлари мунчоқ болажонларга қарайсану, ич-ичингдан эзиласан. Бирининг оёғи, бошқасининг қўл ёки тўлиқ танаси рисоладагидек ишламайди. Яна баъзилари ақлий ривожланишдан орқада қолган. У ердаги болалар осмондан тушмаган ё ўз-ўзидан бундай аянчли аҳволга келиб қолмаганди. Кўпчилиги гиёҳванд ота ёки онанинг "мева"си, орзу-ҳавасга беланиб, ака-укаси, қариндоши билан қуда бўлган бобо-бувининг "совға"си, айримлари ҳомиланинг нотўғри ривожланиши, она танасида кечган дарднинг ҳосиласи эди. Яна бошқа сабаб ортидан дунёга келганлари ҳам анча эди. Юрагингнинг бир парчаси, кўксинг остида тўққиз ой кўтариб юрган полапонингдан воз кечиш... билмадим, энг кечирилмас ва бир умрлик хато қарор бўлса керак.

Ўшанда барваста, алпқомат, хушчақчақ, сўзласа, овози гулдирайдиган директорни болалар чин дилдан яхши кўриши, сўзлолмайдигани, чопқиллаб юролмайдигани, ақли заифи ҳам унинг кафтига юзчасини босиб, эркаланиши, ўртоғи берган "озор"дан шикоят қилиши, ирғишлашига гувоҳ бўлиб, йиғимни зўрға босгандим. "Буларнинг олдида йиғламанг, фақат кулинг, яхши гаплардан гапиринг. Кўзёшингизни кўришса ё ачинганингизни сезишса, кайфиятлари тушиб кетади, инжиқланиб, овқат емай қўйишади. Булар сизу мендан ақлли", деган гапи ҳалиям эсимда.

Билмадим, ўша киши ҳозир ҳам раҳбарми ёки йўқ, лекин ожиз, ҳали дунё нелигини тузукроқ англамаган, тасаввур нелигини билмаган, фикрлаш ва сўзлаш бахтидан мосуво, тенгдошларидек чопқиллаб ўйнашдан бенасиб болажонларга қалб қўрини бериб, митти кўнгилчасига гулдирак овози билан таскин-тасалли улашгани учун ҳурматим ошганди. Яхшиям шундай инсонлар орамизда кўп. Айнан улар дунё мувозанати бузилмаслигига сабабчи. Кибрингни ўлдириб, шира босган кўзингни очгувчи ҳам шундай кишилар, асли.

Болалар олдига хуш-хандон бориб, қайтаётганда кўпимиз елкасига тош осган мусофирдек мунғайиб, энкайиб келаётганимизда бир хулоса хаёлимда тинмай айланганди: унинг чинданам иккита юраги бор: бири маъсум гўдаклар учун, иккинчиси... яна ўшалар учун. Ўзимизда-чи, шундай юракнинг ярми ҳам бормикан?



@chnizomiddinova

сурат муаллифи drdina.ca


​​#тавсия
#мутолаа

Темур Пўлатов “Бухоро хонадони кечмишлари”

Бир инсоннинг туғилишидан ўлимига қадар босиб ўтган йўли, умр пиллапояларида манзил этган масканлари ва сарсари кезиб ҳаёт МАЪНОси нелигини англашга уринишилари ҳақида ҳикоя қилинади бунда.
Туғилмоқ – яшамоқ – ўлмоқ формуласи асосида ёзилгандек таассурот қолдирса, ажабмас.

Бухоронинг баланд-паст кўчаларидан бирида ўтаётган умридан кўнгли тўлиб-тўлмай яшаётган оила ва ундаги фавқулодда кузатувчан, ақлли, кўп ўйлаб, кам ҳаракат қиладиган Душаннинг кечмишлари эл қатори аксаримиз бошдан кечирадиган изтиробларга ўхшайди. Лекин авра-астари ағдарилса, Душаннинг бошқалардан тамом фарқ қилишини, ўй-фикрлари ҳали ҳаётнинг нелигини тузукроқ англамаган йигитчаникидан кўра катталарникига, гоҳи улардан ошириб фикрлайдиган “кекса қари”никига ўхшаши билиниб қолади.

Хаёлчанлик, фалсафа, шафқат – Душан борлиғининг масаллиқлари. Файласуфлар эса яхшилик ва ёмонликнинг чизиғини, ўз ҳурликлари, эрклари, мустақиллик қандай бўлишини англаган шахслар. Душаннинг бировлариникига ўхшамаган, тақлид ортидан орттирмаган тажрибаси, атроф-жавонибдагилардан мутлақо ўзгача ҳаёт тарзи кўпинча жамият қолипларига мос тушмай, қаттиқ қораланади, имкон топилса, маҳв этилади.

Қисқача айтганда, Душан яшаб ўтган умрни машҳур адибнинг “Туғилмоқ ва ўлмоқ – шудир масала” деган асрлар оша жилвасини йўқотмаган ҳукмига менгзаш мумкин. 


@chnizomiddinova

Показано 20 последних публикаций.

62

подписчиков
Статистика канала